Автомобиль тарозилари нима учун керак?
Инсоният ўзининг минг йиллик тараққиёти давомида дастлабки содда ўлчаш қурилмаларидан тортиб, бугунги кундаги юқори аниқликка эга замонавий технологик ускуналаргача бўлган узоқ йўлни босиб ўтди. Археологик топилмалар шуни кўрсатадики, тарозиларнинг илк прототиплари милоддан аввалги V минг йилликда, қадимги Месопотамия ҳудудида пайдо бўлган.
Автомобиль тарозилари нима учун керак?
Бугунги кунда вазн ўлчаш асбоблари инсон фаолиятининг деярли барча соҳаларида — машинасозлик, кимё саноати, тиббиёт, савдо ва бошқа кўплаб тармоқларда муҳим ўрин эгаллайди. Аниқ вазн маълумотларисиз ишлаб чиқариш жараёнларини, логистика тизимини ва савдо фаолиятини ташкил этиш мумкин эмас. Шу сабабли автомобиль эгалари, саноат корхоналари ва давлат ташкилотлари замонавий тарозилардан, жумладан, автомобиль тарозиларидан тобора кўпроқ фойдаланмоқда.
Автомобиль тарозилари нима?
Автомобиль тарозилари — бу автотранспорт воситаларининг массасини тезкор ва аниқ аниқлаш учун мўлжалланган махсус ускуна.
Автомобиль тарозиларининг асосий вазифаси транспорт воситасининг бўш ҳолатдаги ва юк билан бирга бўлган умумий вазнини аниқлашдан иборат. Бу эса ортиқча юкланишнинг олдини олиш, ташиш меъёрларига риоя қилиш ва ёқилғи сарфини камайтириш имконини беради, чунки ҳар бир ортиқча килограмм ташиш харажатларини оширади.
Автомобиль тарозиларининг қўлланилиши
Замонавий автомобиль тарозилари қуйидаги ҳолатларда кенг қўлланилади:
• Ортиқча юкланишни назорат қилиш. Транспорт ташкилотлари жарималардан қочиш ва йўл қопламасининг тез ейрилишининг олдини олиш мақсадида автомобилларнинг рухсат этилган оғирлик меъёрларига мослигини мунтазам текшириши шарт.
• Логистика ва омбор фаолияти. Омбор эгалари ва юк ташиш билан шуғулланувчи компаниялар юкларнинг қабул қилиниши ва жўнатилишини ҳисобга олишда автомобиль тарозиларидан фойдаланадилар.
• Божхона ва назорат пунктлари. Давлат хизматлари импорт ва экспорт қилинаётган товарларни назорат қилиш ҳамда транспорт воситаларининг масса ва габарит кўрсаткичларини текшириш учун автомобиль тарозиларидан фойдаланади.
• Савдо ва қишлоқ хўжалиги. Маҳсулотнинг ҳақиқий вазнини аниқлаш сотувчи ва харидор ўртасида ҳалол савдо муносабатларини юритишга ёрдам беради.
Автомобиль тарозиларининг турлари
Автомобиль тарозиларининг конструкцияси ва техник хусусиятларининг хилма-хиллиги муайян саноат тармоқларининг эҳтиёжлари ҳамда фойдаланиш шароитларига боғлиқ.
Энг оммалашган турлари қуйидагилардан иборат:
• Фундаментли тарозилар. Олдиндан тайёрланган бетон пойдеворга ўрнатилади ва максимал аниқликни таъминлайди.
• Фундаментсиз тарозилар. Тупроқ ёки йўл қопламаси устига ўрнатилади ва минимал қурилиш ишлари талаб этилади.
• Подкладной (кўчма) тарозилар. Автомобиль вазнини ўлчаш нуқтасини тезкор ташкил этиш имконини берувчи портатив қурилмалардир.
• Статик ва динамик тарозилар. Статик тарозиларда автомобиль платформада тўхтаган ҳолда тортилади, динамик тарозиларда эса транспорт ҳаракатланаётган пайтда тортиш амалга оширилади.
Автомобиль тарозилари самарали ва хавфсиз транспорт жараёнини таъминлашда муҳим ўрин тутади ҳамда бугунги куннинг долзарб иқтисодий ва ташкилий вазифаларини ҳал этишга хизмат қилади.